Давактив агентлигининг жорий йил 4 октябрдаги "Асакабанк" АЖ, "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ ва АТ "Алоқабанк"га тегишли “Toshkent City” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудидаги янги кўп қаватли бизнес марказларини (кейинги ўринларда – “Бизнес марказлар”) халқаро савдо жараёнининг Мажбуриятга эга бўлган таклифларни (BO) қабул қилиш босқичи тўғрисидаги эълонига мувофиқ, қуйидагилар маълум қилинади.
Давактив агентлиги талабгорларни мажбуриятга эга бўлган тижорат таклифларини пухта тайёрлашда Бизнес марказларни техник комплекс таҳлил қилиш учун қўшимча муддат бериш тўғрисидаги мурожаатларига мувофиқ, хусусийлаштириш бўйича консультант “KPMG” халқаро компаниясининг (кейинги ўринларда – Консультант) тавсиясига асосан ҳамда савдо жараёнларини рақобат муҳитида ўтказиш мақсадида, барча манфаатдор томонларга Мажбуриятга эга бўлган таклифларни (BO) қабул қилиш муддати 2025 йил 15 март куни соат 23:59га (Тошкент вақти билан) қадар узайтирилганлигини маълум қилади.
Шу билан бирга, Консультант томонидан рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида савдо жараёнларига янада кўпроқ салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш ишлари параллел равишда амалга оширилади ҳамда Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Expression of Interest) юзасидан аризаларни қабул қилиш давом эттирилади.
Бизнес марказларни хусусийлаштириш жараёнининг Мажбуриятга эга бўлган таклифларни (BO) қабул қилиш босқичи тўғрисидаги аввал чоп этилган эълоннинг қолган барча бандлари ўзгаришсиз қолмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида қўшимча маълумотлар учун қуйидаги алоқа каналларига мурожаат қилинг:
- Салтанат Сандикбаева, “KPMG” шериги: SSandykbayeva@kpmg.com, тел:. +99890-099-21-20;
- Шохрух Охунов, Давактив агентлигининг Департамент бошлиғи: sh.ohunov@davaktiv.uz, тел.: +99871-259-20-23.
Дисклеймер
Давактив агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давактив агентлиги ва “KPMG”нинг Активни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давактив агентлиги ва “KPMG” ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай муносабатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:
(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;
(ii) турли хил манфаатдор томонлар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давактив агентлиги ва “KPMG” томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;
(iii) аниқ бир сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;
(iv) ва/ёки исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Савдога тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни олиб бориш/тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.