Жорий йил 21 май куни коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари, коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш тўғрисида тушунчага эга бўлиш мақсадида Давактив агентлигида Бош прокуратура билан ҳамкорликда "Коррупция ва унинг оқибатлари" мавзусида семинар ташкил этилди. Мазкур семинарда Давактив агентлигининг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари (Zoom орқали) ва тизим ташкилотлари иштирок этишди.
Семинарда Давактив агентлиги директорининг ўринбосари М.Кадиров сўзга чиқиб, коррупцияга қарши курашиш замонавий дунёда бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолаётганлиги, 2023 йил якунлари бўйича коррупциянинг дунё миқёсидаги зарари қарийб 3 триллион АҚШ долларини ташкил қилганлиги, аммо коррупция натижасида жамият кўрадиган маънавий зарарнинг кўламини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмаслиги тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон-2030» стратегиясининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши бўйича 2024 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режасида коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш ушбу стратегиянинг мақсадларидан бири этиб белгилаб берилганлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори Н.Шарипов коррупция ва унинг оқибатлари, коррупцияни содир этган шахсларга нисбатан қўлланилган жазо чоралари ҳамда ушбу шахсларнинг жамиятда тутган ўрнига бағишланган кенг қамровли тушунтириш бериб ўтди.
2023 йилда халқаро «Transparency International» ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 121-ўринга кўтарилиб, 7 йил давомида барқарор ўсишга эришиб келаётганлиги, ушбу соҳада прокуратура органлари томонидан 394 951 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланганлиги, давлат органларининг 45 514 та қонунга зид ҳужжатларига протест киритилганлиги, 8 284 та жиноят иши қўзғатилганлиги, текширишлар ва дастлабки тергов давомида 2 трлн. сўм зарар ундирилганлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, Н.Шарипов сўзини давом эттириб, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Бирлашган миллатлар ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси томонидан ташкил этилган Коррупция қарши курашувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг глобал оператив тармоғига (Global Network) қўшилганлигини билдириб ўтди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг коррупцияга оид жиноятлар билан боғлиқ моддалар ва уларда белгиланган жазо ҳамда санкциялар ҳақида маълумот берди.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди ҳамда семинар ташкилотчилари ва Бош прокуратура ходимларига ўз миннатдорчиликларини билдириб қўйишди.