Аввал маълум қилинганидек, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давактив агентлиги томонидан “Abrau Capital” консалтинг компаниясини хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб қилган ҳолда “Uzinjiniring” respublika loyiha instituti” МЧЖ (кейинги ўринларда - Корхона) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини сотиш бўйича очиқ савдо жараёнлари бошланган.
Хусусийлаштириш жараёни доирасида, Консультант томонидан кенг қамровли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан, инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Натижада, 3 нафар халқаро ва маҳаллий инвесторлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар (Expression of Interest) Консультантга келиб тушди.
Шу ўринда, Консультант томонидан мазкур босқичда аввалдан белгиланган мезонларга мувофиқлиги бўйича ўрганилди ҳамда барча талабгорлар хусусийлаштириш жараёнининг кейинги – Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO)ни тақдим этиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинди.
Ушбу босқичда, талабгорлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланиб, Консультант томонидан тайёрланган Корхонанинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан комплекс таҳлил (due diligence) ҳисоботлари жойлаштирилган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш ва Корхонанинг бошқарув органи билан учрашиш имконияти яратилди.
Белгиланган муддатларда 2 нафар талабгор томонидан Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) тақдим қилинди.
Натижада, Корхонани сотиб олиш учун энг юқори нарх таклифини билдирган “Smart Fast Stroy” МЧЖ 80 млрд.сўм миқдорида сотиб олиш тўловини тўлаш шарти билан савдо ғолиби деб топилди.
Шунингдек, Харидорнинг таклифи Консультант томонидан ҳисобланган Корхонанинг индикатив нархлар оралиғида жойлашган ҳамда Корхонанинг баҳоланган қийматидан юқори.
Корхонани хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.